2026-йил 28-январ куни “Ўзэкспомарказ” МКК” АЖда FIFA Trophy Tour by Coca-Cola глобал тури доирасида FIFA футбол бўйича Жаҳон чемпионати асл Кубогининг намойиши бўлиб ўтмоқда. Тур FIFAнинг асосий ҳомийси ва расмий ҳамкори Cоcа-Cола томонидан ташкил этилган бўлиб, футбол мухлисларига афсонавий Кубокни жонли равишда кўриш учун ажойиб имконият яратади.
Кубок билан бирга Тошкентга Италия терма жамоаси сафида 2006-йили жаҳон чемпиони бўлган афсонавий футболчи Марко Матераззи ҳам ташриф буюрди. У Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган расмий тақдимот доирасида асл Кубокга ҳамроҳлик қилмоқда.
Тадбирнинг шарафли меҳмонлари сифатида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитаси биринчи раис ўринбосари Отабек Умаров, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи раис ўринбосари Равшан Эрматов, “Coca-Cola”нинг Ўзбекистондаги бош директори Казумаса Мукаэ ҳамда “Coca-Cola İçecek” бош директори Фуркан Айдин иштирок этдилар.
Кубокнинг Ўзбекистонга ташрифи алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Чунки, мамлакат терма жамоаси тарихда илк бор FIFA 2026 Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
Тадбир “Ўзбекистон футбол ассоциацияси” кўмагида ташкил этилмоқда.