2026-йил 1–3-апрел кунлари “Ўзэкспомарказ” МКК АЖда 25-юбилей халқаро “Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood 2026” ҳамда 26-халқаро “Қадоқлаш. Ускуналар ва хомашёлар – O`zuPACK 2026” кўргазмалари бўлиб ўтмоқда.
Экспозициялар 1, 2, 3, 4, 5 - сонли павилёнлар, шунингдек, Атриум 1 ва 2 залларида жойлаштирилган. Кўргазмада 26 та давлатдан 500 дан ортиқ компания - Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус Республикаси, Болгария, Германия, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Қирғизистон, Литва, Малайзия, Монголия, Нидерландия, БАА, Полша, Россия, АҚШ, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон, Франция ва Чехия иштирок этмоқда.
Бу йилги кўргазманинг янги иштирокчи давлати — Монголия.
Кўргазма доирасида Ўзбекистонда ноёб бизнес майдони бўлган “Ритейл-маркази” бу йил янги — “Тармоқлар харидлари маркази” форматида ташкил этилиб, озиқ-овқат етказиб берувчилар ва улгуржи харидорлар ўртасида бевосита музокаралар ўтказиш имконини беради. Мазкур марказ 1–2-апрел кунлари 2-конференция залида фаолият олиб боради.
Шунингдек, ишбилармонлик дастури доирасида семинарлар, иштирокчилар томонидан маҳорат дарслари (“Ҳар куни — балиқ куни”), янги ускуналар тақдимотлари ва соҳа тадбирлари ўтказилади.
Кўргазманинг ёрқин воқеаларидан бири — “АҚШ Гўшт экспорти федерацияси” (USMEF) ҳамда “The Thermoplan UZ” компанияси томонидан очиқ майдонда гўшт қовуриш бўйича маҳорат дарси бўлиб ўтади.
Кўргазма ташкилотчилари: Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори ICA Eurasia Group.