2025-йил 1–2-май кунлари “Ўзэкспомарказ” МКК АЖда “Инсон учун” II-Республика савдо кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади – тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, савдони кенгайтириш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозоридаги улушини оширишдан иборат.
Кўргазмада имконияти чекланган тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ва товарлар намойиш этилмоқда.
Иштирокчилар сони 300 нафардан ортиқ бўлиб, улар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ҳунармандлардир.
Кўргазмада кенг турдаги халқ истеъмол моллари тақдим этилган: уй, офис, мактаб ва тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган мебель, махсус кийим-бош, тўқимачилик маҳсулотлари, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, спорт буюмлари, босма маҳсулотлар, шунингдек, халқ амалий санъати буюмлари: дўппилар, камзуллар, чопонлар, сумкалар ва бошқалар.
“Инсон учун” Республика кўргазмаси ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотларини тарғиб қилиш ва келажакда халқаро бозорга чиқишларига хизмат қилади.