2026-йил 28–30-апрел кунлари «Ўзэкспомарказ» МКК АЖ ҳудудида мебел ва ёғочни қайта ишлаш саноатининг муҳим тадбири — «Woodtech & MebelExpo Uzbekistan 2026» 22-Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада 13 та давлатдан 127 та компания, жумладан, етакчи халқаро ишлаб чиқарувчилари ҳамда миллий экспозициялар иштирок этмоқда. Хорижий қатнашчилар умумий экспозициянинг 70 фоиздан ортиғини ташкил этиб, бу Ўзбекистон бозорига бўлган юқори халқаро қизиқиш ва унинг ортиб бораётган инвестициявий салоҳиятини тасдиқлайди.
Экспозиция соҳанинг барча йўналишларини қамраб олган: ёғочни қайта ишлаш ускуналари ва технологияларидан тортиб, мебел учун бутловчи қисмлар, кимё маҳсулотлари ҳамда тайёр интерер ечимларигача. Шунингдек, инновациялар, замонавий материаллар ва сунъий интеллектни ишлаб чиқаришга жорий этиш каби рақамли технологияларга алоҳида эътибор қаратилган.
Илк бор кўргазма халқаро экспертлар, архитекторлар ва ишлаб чиқарувчилар иштирокидаги кенг кўламли бизнес дастури билан бирга ўтказилмоқда. Бу эса унинг тажриба алмашиш ва бизнесни ривожлантириш учун профессионал платформа сифатидаги аҳамиятини янада оширади.
Кўргазмани ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий кўмак кўрсатди.
«Ўзэкспомарказ» МКК АЖ Ўзбекистондаги етакчи кўргазма майдони сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлаб, саноат ривожига ҳисса қўшиш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни миллий ҳамда халқаро даражада илгари суришда муҳим ўрин тутмоқда.
Кўргазма ташкилотчиси “Iteca Exhibtions” компанияси.