2025-йилнинг 23–25-сентябр кунлари “Ўэкспомарказ” МКК” Ажнинг 1,2,3,4-сонли павилонларида пластик саноатига бағишланган йирик тадбири — “Plastex Uzbekistan 2025” 15-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
Кўргазмада Германия, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Россия, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистондан 250 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этади.
Хитой ишлаб чиқарувчилари миллий павилон доирасида пластик саноатига оид кенг қамровли ечимларни намойиш этадилар. Жумладан: Экструзия линиялари, термопластавтоматлар, пресс-формалар ва қуйма ускуналари, қайта ишлаш технологиялари, кимёвий қўшимчалар, полимерлар, ўров материаллари ҳамда тайёр пластмасса маҳсулотлар.
2-павилонда робототехника ва автоматлаштиришни ишлаб чиқариш жараёнларига интеграция қилишга хизмат қилувчи саноат линиялари, алоҳида қурилмалар ва қайта ишлаш ускуналари намойиш этилади. 1-павилонда эса хомашё ва материаллар — полимерлар, нефт-кимё саноати маҳсулотлари, гранула, суперконцентратлар, стабилизаторлар, ПВХ қўшимчалари, бўёқлар, пигментлар ва кимёвий реагентлар тақдим этилади. 3 ва 4-павилонларда тайёр пластмасса маҳсулотлари, қадоқлаш воситалари, ПВХ, ПЕТ ва бошқа материаллардан тайёрланган буюмлар, полиграфия ускуналари тақдим этилади.
Ушбу кўргазма Ўзбекистон ва минтақа пластмасса саноати соҳасидаги йирик тадбирларидан бири бўлиб, соҳа мутахассислари, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва инвесторлар учун ноёб имкониятларни тақдим этади.
Ташкилотчилар – Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг доимий ҳамкори ICA Eurasia Group.